Тошкентнинг сўнгги 150 йиллик тарихи
Каттакўчадан то Амир Темур хиёбонигача — бир кўчанинг катта тарихи
Кириш
Тошкентни айланиб юрсанг, баъзан: «Ман Тошкентни киндигиданман!» деган гапларни эшитасан. Киндик қаерда эканини биламиз, мана.
Юқорида — Кўкалдош мадрасаси, Хожа Аҳрор Валий масжиди, Чорсу. Булар ҳаммаси Тошкентнинг юраги. Пастроқда эса — киндик, Тошкентнинг киндиги.
Маълумотларга кўра, бу «киндик» тахминан XI асрда вужудга келган. Ўрта асрларда бу ерда тўрт томонга — ғарбдан шарққа, жанубдан шимолга қараб чўзилган бозор-растали кўчалар бўлган. Кейинчалик шаҳарнинг барча 12 та дарвозасидан бошланган йўллар ҳам шу ерда келиб туташган.
Мана шу учинчи томон — бугунги Навоий кўчаси. Тошкентнинг сўнгги 150 йиллик тарихидаги энг муҳим кўчаларидан бири. У Эски шаҳар марказини мустамлакачи рус маъмурлари томонидан қурилган Янги шаҳарнинг маркази — ҳозирги Амир Темур хиёбони билан боғлайди.
Йўналиш
Навоий кўчаси Тошкентнинг эски ва янги қисмларини боғловчи асосий ўқдир. У Чорсу бозоридан бошланиб, бир неча тарихий нуқтадан ўтиб, Амир Темур хиёбонида тугайди.
Номлар тарихи
Тарих давомида бу кўча бир неча марта ном алмаштирди. Ҳар бир ном ўша даврнинг тарихий воқеаларини акс эттирди.
Тошкентда ном олган саноқли кўчалардан бири. Муаррих Эшонхўжа Тошкандийнинг «Хулосат ул-аҳвол» ва Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарларида шаҳарнинг асосий кўчаси сифатида тилга олинган.
Тошкентни босиб олган чор маъмурлари биринчи бўлиб Каттакўчага тош-шағал ётқизган. Шундан кейин тошкентликлар уни «Тошкўча» деб атай бошлаган.
Шаҳар думаси Эски шаҳарнинг 20 га яқин кўчаларига расмий ном берди. Каттакўча Шайхонтоҳур деб аталди — Шайх Хованди Тоҳур мажмуасига яқинлиги туфайли.
Кўчанинг бир қисми бухоролик жадид ва СССРнинг асосчиларидан бири — Файзулла Хўжаев номи билан аталди. 1938 йилда у Сталиннинг «Катта террор»ида қатағонга учраганда кўча номи ҳам йўқолди.
1941 йили Алишер Навоийнинг 500 йиллиги муносабати билан кўчага буюк шоир номи берилди. Шу кундан бери бу ном сақланиб қолган.
Эски шаҳар кўчаларидан юрсам, бетимга лой сачрашидан қўрқаман. Ёмғур ёққан кунларида Эски шаҳар расталарининг ағнаб кетишидан қўрқаман.— Абдулла Қодирий, «Биз ким ва нималардан қўрқамиз?» (1923)
Тарихий маҳаллалар
Навоий кўчаси бўйида Шайхонтоҳур даҳасига тегишли ўнлаб тарихий маҳаллалар жойлашган бўлган. Ҳар бири ўз тарихи, ҳунари ва шахсиятлари билан ажралиб турган.
400 дан ортиқ хонадон. 1738 йили меъмон Мўминжон қурган баланд масжид. Шоир Мискин (1880–1937) шу ерда яшаган. 1930-йилларда масжид Бешёғочга кўчирилиб, атеизм уйига айлантирилган.
100 га яқин хонадон. Тошкўча (Навоий кўчаси)га туташган. Этикдўзлик, темирчилик устахоналари, 2 новвойхона бўлган. Ҳозир Цирк ва театрлар жойлашган ҳудуд.
220 хонадон. 20 га яқин чўян қозон қуйиш устахонаси. Ёзувчилар Ойбек ва Ойдин шу маҳалладан. Ҳозир Ўзбек миллий академик драма театри жойлашган.
130 хонадон, ~450 киши. Тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжа туғилиб яшаган маҳалла. Давлат арбоблари Акмал Икромов, Асадулла Хўжаев ҳам шу ерлик. Ҳозир «Пахтакор» стадиони ўрни.
100 хонадон. 5 масжид, Эшонқули додхоҳ мадрасаси. 1884 йил 19 декабрда шу мадрасада Тошкентдаги биринчи рус-тузем мактаби очилган. Ҳозир Тошкент телестудияси жойлашган.
100 хонадон, ~650 киши. Ўзбекларнинг қиёт қабиласи. 1865 йил рус қўшинлари кирганида Абдураҳмон Ясовул бошчилигида қаттиқ қаршилик кўрсатилган.
Тарихий обидалар
Тошкентнинг энг йирик ва машҳур мадрасаларидан. Шоирлар Фурқат (1889–91), Ҳамза (1910–11), Муқимий, муфтий Зиёвуддин эшон Бобохон, хаттот Шоҳмурод котиб ва бошқалар шу ерда таҳсил олган.
Тошкент ҳокими Лашкар қушбегининг ўғли, Туркистон ҳокими Эшонқули додхоҳ томонидан қурдирилган. Шаҳардаги иқтисодий жиҳатдан энг яхши таъминланган мадраса. Академик Михаил Андреев, педагог Мунаввар қори шу ерда ўқиган.
Шайх Хованди Тоҳур (Шайхонтоҳур) мозори атрофидаги тарихий мажмуа. Юнусхон мақбараси — Мирзо Бобурнинг она томондан бобоси, 1480-йиллардаги Тошкент ҳокими — мажмуадаги энг яхши сақланган обидалардан.
XIX асрнинг 30-йилларида Қўқон хони Анҳор каналининг чап соҳилида янги Ўрда қурдирган. 10 минг аскар сиғишига мўлжалланган, майдони қарийб 20 гектар. 1865 йили рус қўшинлари томонидан ишғол этилиб, кейинроқ бузиб ташланган.
XV–XVII асрларда Чорсу майдони атрофида шаклланган Тошкентнинг ўз Регистони бўлган. Дастлаб Хожа Аҳрор жомеъ масжиди ва мадрасаси, кейинчалик Кўкалдош мадрасаси ансамблни ташкил этган.
Навоий кўчаси бўйида жойлашган, номи маҳаллага берилган тарихий масжид. 1930-йилларда совет ҳукумати уни Бешёғоч томонга кўчириб, «атеизм уйи» деб атаган. Кейинчалик бузиб ташланган.
Трамвай тарихи
Тошкентда трамвай 1901 йили пайдо бўлган — дастлаб от кучи билан («конка»), кейин 1913 йилда электр трамвайга алмаштирилган. Шайхонтоҳур кўчасида электр трамвайлар пайдо бўлишини кичик Мусо — кейинчалик буюк ёзувчи Ойбек — болалик хотираларида шундай тасвирлаган:
— Tilsim, tilsim!
— Yo'q, ajoyibu g'aroyib!
— Tramvay, tramvay, deyishadi uni! Odamlardan eshitdim, otsiz yurarmish!
Qor dahshatli yog'moqda. Boshimda eski kir telpak, ustimda eski paxtalik to'n, oyoqlarimda gulchini yirtiq mahsi va teshilgan siyqa kalish. Yo'lkaning chetida turnaqator terilib, tramvayni poylab o'tiramiz…
— Otsiz, g'irillab yuradi-ketadi! — Tilsim! Tilsim! — deydi bir bola.
— Ойбек, «Болалик» (хотиралар)Ойбекнинг ёзишича, бола-бақра трамвайни Хадрадан Қатортерак, Қатортеракдан Хадрага пиёда харслаб тагидан чопишган. Ушбу кўчада эски чол кишилар эса «Қиёмат яқинлашган», деб сийрак соқолларини тутамлаб ўтиришарди.
Ана шу трамвай ва унинг «дринг-дринги» Навоий кўчасининг XX аср тасвирида энг ёрқин образлардан бири бўлиб қолган.
Замонавий кўча
Бугунги Навоий кўчасида тарихий ва замонавий бинолар ёнма-ён туради. Навоий театри (1947), Цирк (1976), ГУМ (1970) — булар кўчанинг мустамлака давридан то истиқлолгача бўлган тарихий қатламларини ифодалайди.
1937 — Марказий телеграф
1947 — Навоий операси
1950 — Ҳамза театри
1956 — Пахтакор стадиони
1993 — Туркистон саройи
1997 — Пойтахт бизнес-центр
2012 — Миллий кутубхона
2016 — Ҳаят меҳмонхонаси
Навоий кўчасининг бу бошидаги Чорсу — эски шаҳар маркази бўлса, у боши ҳозир янги шаҳар маркази — Амир Темур хиёбони билан тугайди. 1920-йилларда Тошкент меъморлари олдида шу икки марказни бирлаштириш вазифаси турган. Бугун у бирлашган — мана шу кўча орқали.
«Шаҳардаги асосий кўча — бу Чорсу бозорида туташувчи тўрт кўча бўлиб, улар тўрт даҳа бўйлаб тарқалган. Муҳаммад Солиҳхўжа энг кўп тилга олган кўча эса Катта кўча бўлиб, у тахминан ҳозирги Навоий кўчасига тўғри келади.»— Ўктам Султонов, «Муҳаммад Солиҳхожа ва унинг "Тарихи жадидайи Тошканд" асари»